currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНикоҳ шартномаси – хавфсиз турмуш кафолатими?

Никоҳ шартномаси – хавфсиз турмуш кафолатими?

Ҳуқуқ

calendar

25.07.2026

eye

39

Никоҳ шартномаси – хавфсиз турмуш кафолатими?

Оила жамиятнинг энг муқаддас ва мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Унинг барқарорлиги ўзаро меҳр-муҳаббат, ишонч, ҳурмат ва масъулият каби инсоний қадриятларга асосланади. Бироқ замонавий ҳаётда мол-мулкий муносабатларнинг мураккаблашиб бориши, иқтисодий мустақилликнинг ортиши ҳамда ҳуқуқий онгнинг юксалиши никоҳ муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруратини янада кучайтирмоқда. Ана шундай ҳуқуқий воситалардан бири никоҳ шартномасидир.

Жамиятда никоҳ шартномасига нисбатан турли қарашлар мавжуд. Айримлар уни эр-хотин ўртасидаги ишончсизлик белгиси сифатида баҳоласа, бошқалар уни келажакда юзага келиши мумкин бўлган мулкий низоларнинг олдини олувчи, томонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқий кафолат деб ҳисоблайди. Аслида эса никоҳ шартномаси оилавий муносабатларни эмас, балки эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун доирасида аниқ белгилаб берувчи ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Хўш, никоҳ шартномаси ҳақиқатан ҳам хавфсиз турмуш кафолатими? У оила мустаҳкамлигига хизмат қиладими ёки эр-хотин ўртасидаги ишончга салбий таъсир кўрсатадими?

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.           Ушбу шартнома ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.  Бундай  нотариал тасдиқлашда давлат божи ундирилмайди.          
Никоҳ шартномасининг мазмуни аслида нима?      
Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.     

Хулоса қилиб айтганда, никоҳ шартномаси оиладаги меҳр-оқибат ёки ишонч ўрнини босувчи ҳужжат эмас, балки эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилишга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Уни тузишдан асосий мақсад оилада низо келтириб чиқариш эмас, аксинча, келажакда юзага келиши мумкин бўлган мулкий келишмовчиликларнинг олдини олиш, ҳар икки томоннинг ҳуқуқларини кафолатлаш ва адолатли муносабатларни таъминлашдан иборат.

Севинч Хушназарова,
журналист

Улашиш: