Тармоқда нима гап?
03.02.2026
616

Рақамлаштириш жараёнлари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бораётган бугунги даврда оилавий муносабатлар ва мулкий масалалар ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Анъанавий никоҳ шартномаларида кўчмас мулк ёки автомобиллар тақдири ҳал қилинган бўлса, эндиликда “рақамли мулк” ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар (аккаунтлар) масаласи кун тартибига чиқмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда оила буджети нафақат ойлик маош, балки Instagram, YouTube, Telegram ёки TikTok каби платформалардаги фаолият орқали шаклланаётгани сир эмас. Шу боис, никоҳ шартномаси институтини ушбу янги воқеликка мослаштириш ва мулкий хавфларни олдиндан таҳлил қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Анъанавий ҳуқуқий қарашларда мулк деганда моддий нарсалар тушунилган. Бироқ, замон ривожланиши билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар катта даромад манбаига айланиб улгурди. Эр-хотин биргаликда юритадиган ёки никоҳ даврида оммалаштирилган саҳифа ажрим ёқасида турган оила учун жиддий низоли обектга айланиши мумкин. Бундай активлар сирасига монетизация қилинган YouTube каналлар, катта аудиторияга эга Инстаграм ёки Телеграм блоглар ва тижорий мақсадларда фойдаланиладиган доменлар ва веб-сайтлар киради.
Амалиётда эр-хотин ўртасидаги низолар пайтида ижтимоий тармоқдаги саҳифа кимга тегишли эканлиги бўйича аниқ ечимлар мавжуд эмаслиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, аккаунт эрнинг номига очилган (рўйхатдан ўтган) бўлса-да, унинг ривожи, контент яратилиши ва юритилиши бевосита аёл томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Бундай вазиятда ҳар хил мулкий хавфлар юзага келиши мумкин. Хусусан, даромад манбаини йўқотиши, яъни, ажримдан сўнг саҳифанинг “юридик эгаси” (логин-парол эгаси) уни ўзида сақлаб қолиши, меҳнат қилган томон эса қуруқ қўл билан қолиши мумкин. Шунингдек, обрўсизлантириш хавфига дучор бўлиши мумкин. Масалан, бир томоннинг бошқаруви остида қолган саҳифа орқали иккинчи томоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборотлар тарқатилиши эҳтимоли мавжуд. Шу билан бирга, актив қадрсизланиши яъни низо даврида саҳифа фаолияти тўхтаб қолиши унинг аудиторияси ва бозор қийматининг тушиб кетишига олиб келади.
Юқоридаги хавфларни олдини олишнинг энг самарали ҳуқуқий механизми – бу никоҳ шартномасида белгилашдир. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 29-31-моддаларида никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув эканлиги қайд этилган. Қонунчиликда “рақамли актив” тушунчаси тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса-да, томонлар ўзаро келишув асосида никоҳ шартномасига қуйидаги бандларни киритишлари мақсадга мувофиқ, хусусан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларнинг қийматини аниқлаш ва уларни бўлиш тартиби, саҳифадан келадиган даромадни тақсимлаш механизмлари, никоҳдан ажралиш ҳолатида саҳифани бошқариш ҳуқуқи кимда қолиши (масалан, саҳифа сотилиб, пули бўлиниши ёки бир томонга компенсация тўланиши), ҳамда махфийлик ва пароллар хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини.
Ривожланган давлатларда, хусусан АҚШ ва Европа мамлакатларида “Digital Prenups” (Рақамли никоҳ шартномалари) тушунчаси аллақачон оммалашган. Ғарб суд амалиётида ижтимоий тармоқ аккаунтлари бизнес-актив сифатида баҳоланади ва ажрим жараёнида экспертлар томонидан уларнинг бозор қиймати аниқланиб, томонлар ўртасида тенг тақсимланади.
Шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқи нуқтаи назаридан, саҳифа эгаси ва контент яратувчиси ўртасидаги муносабатлар никоҳ шартномасида аниқ акс эттирилиши келажакдаги низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, никоҳ шартномаси институтининг кенгайтирилиши ва унга рақамли активларнинг киритилиши замон талабидир. Бу нафақат мулкий манфаатларни ҳимоя қилади, балки оилавий муносабатларда ўзаро ишонч ва ҳуқуқларни таъминлайди. Рақамли дунёда оила қураётган ёшлар “Бу шунчаки Инстаграм-ку” деган ёндашувдан воз кечиб, ўз меҳнатлари ва келажакдаги даромадларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашлари лозим. Зеро, олдиндан белгиланган қоидалар – барқарор ва хотиржам ҳаётнинг гаровидир.
Жамолхон Узақов,
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш
таъсирини баҳолаш институти масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.