currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНима учун футбол ўйинлари пайтида тез ёрдам чақирувлари кўпаяди?

Нима учун футбол ўйинлари пайтида тез ёрдам чақирувлари кўпаяди?

Life Style

calendar

25.07.2026

eye

49

Нима учун футбол ўйинлари пайтида тез ёрдам чақирувлари кўпаяди?

Профессионал футболчиларнинг юрак, бўғим ва умуртқа поғонасига тушадиган жисмоний юкламаси ҳақида кўп гапирилади. Аммо футбол мухлислари ҳам ўйин вақтида кучли физиологик зўриқишни бошдан кечиради. Тадқиқотларга кўра, йирик футбол турнирлари пайтида тез ёрдам чақирувлари 20–30 фоизга ортиши мумкин.

Терма жамоа ёки севимли клубга кучли эмоционал боғлиқлик организмда стресс гормони кортизол миқдорини оширади. Айрим тадқиқотларда мухлислар организми ўйин бошланишидан 14 соат олдиноқ стрессга тайёрлана бошлаши аниқланган. Ўйин давомида эса кескин вазиятлар адреналин ажралишига олиб келади ва қадимий “ур ёки қоч” реакцияси ишга тушади. Натижада юрак тезроқ уради, қон босими кўтарилади, юракни озиқлантирувчи томирлар тораяди. Юрак кислородга кўпроқ эҳтиёж сезаётган бир пайтда унинг етказиб берилиши қийинлашиши мумкин. Айниқса, аввалдан юрак-қон томир муаммолари бўлган одамларда бу ҳолат инфаркт хавфини оширади.

Йирик футбол турнирлари пайтидаги тиббий статистика ҳам буни тасдиқлайди. 2006 йилги Жаҳон чемпионати вақтида Германияда кескин кечган ўйинлар мухлисларда юрак муаммолари хавфини оширгани қайд этилган. 1998 йилги Жаҳон чемпионатида эса Англия терма жамоаси пенальтилар сериясида мағлуб бўлган куни инфаркт сабабли касалхонага ётқизишлар сони сезиларли даражада кўпайган. Бироқ шифокорлар соғлом одамлар учун футбол томоша қилиш инфарктнинг катта хавфини туғдирмаслигини, асосий хавф гуруҳи эса юрак-қон томир касалликлари мавжуд бўлган кишилар эканини таъкидлайди.

Футбол томоша қилиш организмнинг гормонал тизимига ҳам таъсир қилади. Муҳим ва рақобатли ўйинлар вақтида тестостерон даражаси ошиши мумкин. Ғалаба эса кучли ижобий эмоцияларни юзага келтиради. Айрим тадқиқотлар миллий терма жамоа ғалабасидан кейин мухлисларнинг жинсий фаоллиги мағлубиятдан кейинги даврга қараганда юқорироқ бўлишини кўрсатган. Шу сабабли йирик спорт мусобақалари тўққиз ой ўтиб туғилишлар сонининг ортишига олиб келиши ҳақидаги “беби-бум” ҳақидаги қарашлар ҳам маълум даражада илмий асосга эга.

Демак, футбол томошабини шунчаки диванда ўтирган пассив кузатувчи эмас. Кучли эмоционал ҳамдардлик мияда реал хавф ёки рақобатга ўхшаш биологик жараёнларни ишга туширади. Шу сабабли футбол ўйини вақтида юрак уриши, қон босими ва гормонал фаоллик сезиларли даражада ўзгариши мумкин. Футбол мухлис учун нафақат томоша, балки бутун нерв ва гормонал тизимни кучли физиологик зўриқишга олиб келадиган эмоционал тажрибадир.

 

Мурод Шамбаев тайёрлади

Улашиш: