Содда талқин
13.12.2025
49

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, хусусан, нотариат институти фаолиятини рақамлаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Нотариуслик касби юқори ҳуқуқий билим ва масъулиятни талаб этувчи соҳа бўлганлиги сабабли, ушбу мақомга эга бўлиш истагидаги номзодларни танлаш ва тайёрлаш тизими ҳам замон талабларига мос равишда такомиллашиб бормоқда.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2025 йил 6 декабрдаги буйруғи билан «Нотариусликка талабгорлар учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом» тасдиқланди ва 2025 йил 9 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилди. 2026 йил 1 апрелдан кучга кирадиган мазкур Низом нотариус бўлиш истагида бўлган талабгорларни ўқитиш ва баҳолаш жараёнини тубдан янгилайди.
Янги Низомга кўра, нотариусликка талабгорлар учун мўлжалланган махсус тайёрлаш курсларининг давомийлиги 72 соат этиб белгиланди. Энг муҳим янгиликлардан бири — таълим шаклининг танлов асосида эканлигидир. Талабгорлар икки хил шаклда ўқишлари мумкин:
— Анъанавий тарзда аудиторияларда.
— Махсус электрон платформалар орқали.
Бу ҳудудлардан келадиган талабгорлар учун катта енгиллик яратади, сарф-харажатларни ва вақтни тежайди. Масофавий таълимда тингловчиларга педагог-маслаҳатчи бириктирилиши эса таълим сифати тушиб кетмаслигини кафолатлайди.
Қабул жараёни
Ҳужжатга кўра, талабгорлар ўқув курсларида ўқиш учун календарь йил давомида узлуксиз мурожаат қилишлари мумкин.
Аризалар электрон ёки ёзма шаклда қабул қилинади.
Институт 3 иш куни ичида талабгорнинг ҳужжатларини «Нотариат тўғрисида»ги Қонун талабларига мослигини текширади.
Гуруҳлар кичик ҳажмда (максимум 25 нафар) шакллантирилиши таълим сифатига эътибор қаратилишидан далолат беради.
Нотариус стажёрлари стажировка муддати тугагандан сўнггина ушбу курсларда ўқиши мумкин.
Ўқув дастури
Курс дастури шунчаки назарий билимлар эмас, балки амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган. Ўқув модуллари қуйидагиларни ўз ичига олади:
– Давлат ва жамият бошқаруви;
– Коррупцияга қарши курашиш;
– Фуқаролик, нотариат ва ворислик ҳуқуқи;
– Нотариал ҳаракатлар лойиҳаларини тайёрлаш.
Имтиҳон жараёни
Низомнинг энг эътиборга молик қисми бу — якуний синов имтиҳонларидир. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:
- Суҳбат саволлари инсон аралашувисиз, махсус электрон дастур орқали тасодифий равишда танланади.
- Таркиби 5 кишидан иборат комиссия тузилади.
- Билимлар 100 баллик тизимда баҳоланади. Ўтиш балли — максимал баллнинг 56 фоизи (яъни 56 балл ва ундан юқори).
- Натижалар имтиҳон кунининг ўзидаёқ эълон қилинади.
- Имтиҳондан ўта олмаганлар учун қайта топшириш имконияти мавжуд ва бунинг учун тўлов ундирилмайди.
Ҳужжатда тингловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу берилган:
1. Бутун имтиҳон жараёни ёзиб олинади ва 1 йил давомида сақланади. Бу низоли вазиятларда муҳим далил ҳисобланади.
2. Натижадан норози бўлган тингловчи 5 иш куни ичида апелляция бериши мумкин.
3. Апелляция комиссияси баллни пасайтиришга ҳаққи йўқ, фақат ўзгаришсиз қолдириши ёки кўтариши мумкин.
Янги тасдиқланган Низом нотариат соҳасига киришдаги тўсиқларни камайтириш билан бирга, малака талабларини кучайтиришни кўзда тутади.
Ушбу ҳужжат 2026 йил 1 апрелдан кучга кириши белгиланган бўлиб, бу соҳа вакиллари ва талабгорларга янги тартибга мослашиш учун етарли вақт беради.
Аманбаев Алишер,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
5 кунлик иш ҳафтаси, ярим млрд мукофот, ипотекага уй-жой: тиббиёт ходимлари учун янги рағбат ва имтиёзлар
2026 йилдан бошлаб ҳар бир давлат тиббиёт муассасаси ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир марталик рағбатлантириш олади.
Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?
Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.
Бир ватан, бир эл, бир байроқ
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ўзининг ранглари ва тимсоллари билан бой маъно-мазмунни ифода этади.