Ҳуқуқ
12.12.2025
266

Интизомий жазо – ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси. Интизомий жазо чоралари ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаганмиқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин.
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар, шу жумладан агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.
Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир.
Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин дарҳол, бироқ аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади, бунда ходим вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган ёки таътилда бўлган давр ҳисобга олинмайди. Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома комиссия томонидан имзоланган кун хизмат текшируви натижалари бўйича аниқланган интизомий қилмиш аниқланган кун деб ҳисобланади.
Интизомий жазо интизомий қилмиш содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра эса, у содир этилган кундан эътиборан икки йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Ушбу муддатларга жиноят ишини юритиш вақти киритилмайди.
Юқоридаги нормалардан келиб чиқиб сизга нисбатан нотўғри интизомий жазо тури танланган, интизомий жазо чораси қўллаш муддатлари ўтказиб интизомий жазо чораси қўлланилган ва ёки умуман асоссиз равишда интизомий жазо чораси чиқарилган деб ҳисобласангиз, сизда интизомий жазони бекор қилиш юзасидан даъво аризасини осон, тез, ва сифатли энг муҳими эса, адвокат ёки бошқа жойга мурожаат қилмаган ҳолда Yurxizmat.uz тизими орқали бепул равишда тайёрлаб олиш имконияти мавжуд.
Қуйидаги ҳаволадан сиз Yurxizmat.uz тизимида мавжуд бўлган интизомий жазони бекор қилиш юзасидан даъво аризасининг намунаси билан танишишингиз мумкин: https://yurxizmat.uz/oz/document/2563
Раҳимов Худойберди,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Меҳнат муносабатларида ходимлар вакиллари қандай ҳуқуқларга эга бўлади?
Меҳнат муносабатлари тизимида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Товарларни етказиб бериш тартиби қандай?
Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.