Суд очерклари
12.02.2026
715

Амалиётда кўпчилик тадбиркорлар ва ташкилот ҳуқуқшунослари суд жараёнлари якунланганидан сўнг суд харажатларининг тақсимланишидан норози бўлиб мурожаат қилишади. Бу масала нафақат молиявий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам муҳим бўлиб, унинг асослари Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддасида аниқ баён этилган.
Умумий қоидага кўра, суд харажатларини қоплаш мажбурияти мағлуб бўлган тараф зиммасига юклатилади. Яъни, ҳал қилув қарори кимнинг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф қилган барча харажатлар иккинчи томондан ундириб берилади. Ҳаттоки жавобгар давлат божини тўлашдан озод қилинган имтиёзли тоифага кирса ҳам, барибир мағлуб бўлган тақдирда ушбу харажатларни бюджетга тўлаши шарт бўлади. Агар даъвогар бож тўлашдан озод этилган бўлса ва даъво қаноатлантирилса, бож миқдори даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда жавобгардан давлат фойдасига ундирилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд нафақат низонинг натижасига, балки тарафларнинг судгача бўлган хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо беради. Агар низонинг юзага келишига бирор тарафнинг шартномавий мажбуриятларни ёки судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузганлиги, масалан, хатларга жавоб бермаганлиги ёки керакли ҳужжатларни тақдим этмаганлиги сабаб бўлса, суд иш натижасидан қатъи назар, барча харажатларни айнан ўша айбдор тараф зиммасига юклашга ҳақлидир. Бундан ташқари, агар даъвогар судга мурожаат қилганидан кейин жавобгар қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаб берса, бу уни суд харажатларидан озод қилмайди — бундай ҳолатда ҳам харажатлар барибир жавобгар зиммасида қолади.
Яна бир муҳим жиҳат — бу неустойка (пеня) билан боғлиқ ҳолатлардир. Агар суд даъвогарнинг неустойка ундириш ҳақидаги талабини асосли деб топса-ю, лекин унинг миқдорини ўзининг қонуний ваколатидан фойдаланган ҳолда камайтирса, суд харажатлари камайтирилган эмас, балки даъвогар дастлаб талаб қилган тўлиқ суммадан келиб чиқиб ҳисобланади ва жавобгардан ундирилади.
Ниҳоят, давлат органлари томонидан ўзга шахслар манфаатида киритилган даъволар рад этилса ёки қисман қаноатлантирилса, тўланмаган давлат божи даъво кимнинг манфаатида киритилган бўлса, ўша шахсдан (тадбиркор ёки фуқародан) даъвонинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Бу қоидалар суд тизимида адолат ва масъулият мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Ихтиёр Пайзиев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш тартиби қандай?
Бугунги кунда кўчмас мулк бозорининг энг фаол тармоқларидан бири — бу уй-жой ижараси ҳисобланади.