Ҳуқуқ
22.04.2026
55

Суд қарорлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар давлат ҳокимиятининг амалий ифодаси ҳисобланади. Уларнинг ижроси таъминланмаса, адолат тўлиқ қарор топмайди. Шунинг учун ижро жараёни ҳуқуқий тизимнинг энг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади.
Суд ҳужжатларини ижро этиш нима?
Суд ҳужжатларини ижро этиш — бу суд қарорлари, ажримлари ва бошқа ижро ҳужжатларини мажбурий тарзда амалга ошириш жараёнидир. Бу вазифа одатда давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади.
Қандай ҳужжатлар ижро этилиши шарт?
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган қоидаларга биноан қуйидагилар ижро этилиши лозим:
1) фуқаролик ишлари бўйича судларнинг, иқтисодий ва маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари;
2) жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми, шунингдек жарима тариқасидаги жазони назарда тутувчи ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари;
3) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми;
4) алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар;
5) нотариусларнинг ижро хатлари;
6) меҳнат низолари комиссияларининг қарорлари;
7) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар (мансабдор шахслар) чиқарган қарорлар;
8) ҳакамлик судининг қарорлари;
9) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ёки халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда чет эл судлари ва арбитражларининг қарорлари;
10) ўзбошимчалик билан турар жойни эгаллаб олган ёки авария ҳолатида деб топилган уйларда яшаётган шахсларни маъмурий тартибда кўчириш тўғрисидаги прокурорларнинг қарорлари;
11) давлат ижрочиларининг ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардаги қарорлари.
Ижро иши юритишда тарафларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?
Тарафлар ижро ҳаракатларини амалга оширишда ижро иши юритиш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар, нусхалар олиш, қўшимча материаллар тақдим этиш, илтимосномалар бериш, ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этиш, ижро ҳаракатлари жараёнида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ижро иши юритилиши давомида пайдо бўладиган масалалар юзасидан ўз важлари ва фикр-мулоҳазаларини билдириш, ижро иши юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важлари ва фикр-мулоҳазаларига қарши эътироз билдириш, рад қилиш, давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Қарздор ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ҳуқуқига ҳам эга.
Ижро иши юритишни қўзғатиш қандай тартибда амалга оширилади?
Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суддан ёки уни берган бошқа органдан ёхуд ундирувчидан ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт (бундан ушбу Қонуннинг 31-бобида назарда тутилган ҳоллар мустасно).
Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади. Суднинг жарима тариқасида жазо тайинлаш тўғрисидаги ҳукми асосида берилган ижро варақаси бўйича ижро иши юритиш қўзғатилганда уни ихтиёрий равишда ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 19-моддасида белгиланган муддатларда амалга оширилади.
Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилади.
Ижро ҳаракатлари қайси пайт амалга оширилиши лозим?
Ижро ҳаракатлари иш кунларида соат 8.00 дан 22.00 гача амалга оширилади. Ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг аниқ вақтини давлат ижрочиси белгилайди. Ижро иши юритишда қатнашувчи тарафлар ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг ўзлари учун қулай вақтини таклиф этишга ҳақлидирлар. Ижро ҳаракатларини сутканинг бошқа вақтида, шунингдек дам олиш ва байрам кунларида амалга оширишга белгиланган тартибда фақат кечиктириб бўлмайдиган ёки қарздорнинг айбига кўра уларни бошқа вақтда амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.
Ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари қанча?
Ижро ҳужжатлари қуйидаги муддатларда ижрога топширилиши мумкин:
1) суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — уч йил ичида;
2) ҳакамлик судининг қарорларини ёки медиатив келишувни мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — олти ой мобайнида;
3) нотариусларнинг ижро хатлари — уч йил мобайнида;
4) меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — уч ой мобайнида;
5) ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — уч ой мобайнида.
Агар ижро ҳужжати белгиланган муддатда тақдим этилмаса, қуйидаги оқибатлар юзага келади:
Давлат ижрочиси муддати ўтган ҳужжатни қабул қилмаслиги мумкин.
Мурожаат қилувчи ўз ҳуқуқини амалда тиклай олмай қолиши мумкин.
Фақат узрли сабаблар бўлган тақдирда суд орқали муддатни тиклаш мумкин.
Суд ҳужжатларини ижро этиш — адолатни таъминлашнинг ҳал қилувчи босқичи. Ушбу жараёнда:
— муддатларга қатъий риоя қилиш,
— ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш,
— ижрочилар билан ҳамкорлик қилиш жуда муҳим ҳисобланади.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.