Life Style
09.10.2026
38

ЎРВИда касалликнинг дастлабки 2–3 куни энг юқумли давр ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра, COVID-19да вирус концентрацияси аломатлар пайдо бўлишидан икки кун олдин ва касалликнинг дастлабки кунларида жуда юқори бўлади.
Амалиётда бу қуйидагича кўринади: душанба куни одам ўзини соғлом ҳис қилиб ишга боради, сешанба куни эса томоғи қичишиб, оқшомга бориб бурни оқа бошлайди. Демак, у аллақачон душанба куниёқ ҳамкасбларига вирусни юқтириб бўлган. Шу сабабли грипп офис ва мактабларда жуда тез тарқалади.
Иситма ва бурун оқиши одамнинг юқумлилик даражасини кўрсатмайди
Иситма – бу организмнинг инфекцияга бўлган реакциясидир, юқумлиликни ўчирувчи тугма эмас. Термометр 36,6 даражани кўрсатиб турганда ҳам вирус ташқарига ажралиб чиқиши мумкин.
Бу, айниқса, шамоллашнинг асосий сабабчиси бўлган риновирусда яққол кўринади: унда тана ҳарорати кўпинча нормал қолади ёки бироз кўтарилади. "Иситма йўқми — демак, юқумли эмас" деган қоида бу ерда деярли ишламайди.
Бурун оқиши билан ҳам аҳвол шундай. Риновирусда кучли бурун оқиши ҳақиқатан ҳам юқумлиликнинг авжи (пик) нуқтасига тўғри келади, аммо одам бунгача ҳам атрофдагиларга вирус юқтиришни бошлаб бўлган бўлади.
Симптомсиз (аломатсиз) одамлар ҳам инфекция манбаи бўлиши мумкин
Касаллик умуман аломатларсиз ўтадиган ҳолатлар ҳам учрайди: иситма, бурун оқиши ва йўтал умуман пайдо бўлмайди. Баъзи респиратор инфекциялар ва COVID-19да айнан шундай симптомсиз одамлар ҳам вирус манбаи бўлиши мумкин. Шу сабабли юқумли одамни ташқи кўринишидан аниқлаб бўлмайди.
Агар одам беморнинг ёнида бор-ёғи бир соат олдин ўтирган бўлса, вирус организмга кирган бўлса ҳам, у ҳали бошқаларга манба бўлишга улгурмаган. Воқеалар ривожи одатда қуйидагича кечади:
Бемор билан мулоқот ва вирус юқиши.
Вируснинг бир неча кун давомида кўпайиши.
Ушбу даврнинг охирига яқин одам ўзини соғлом ҳис қилса-да, аллақачон бошқаларга вирус юқтира олади.
Биринчи аломатлар пайдо бўлади.
Юқори юқумлиликнинг бир неча куни.
Бемор билан мулоқотдан сўнг яқинларни қандай ҳимоя қилиш керак?
Одамнинг юқумли ёки юқумли эмаслигини олдиндан билишнинг иложи йўқ. Агар у яқинда бемор билан яқиндан мулоқотда бўлган бўлса ёки атрофда ЎРВИ ва грипп авж олаётган бўлса, гумон қилишга асос бор. Баъзида касаллик олдидан енгил сигналлар бўлиши мумкин: одатдагидан ташқари чарчоқ, томоқ қичишиши, енгил бош оғриғи. Аммо баъзиларда ҳатто шулар ҳам кузатилмайди.
Вируслар одамлар ёпиқ хонада (машина, офис, синфхона, поезд, кичик хона) узоқ вақт бирга бўлганида энг тез тарқалади. Агар уйда ёши улуғ қариндош, чақалоқ ёки сурункали хасталиги бор инсон бўлса, бемор билан мулоқотдан сўнг бир неча кун эҳтиёт чораларини кўриш лозим:
Хонани тез-тез шамоллатиб туриш;
Жуда яқин мулоқотда бўлмаслик;
Зарурат бўлганда юзга жипс ёпишадиган ниқоб тақиб юриш.
Бурун оқиши, йўтал ва иситма организм инфекцияга фаол қаршилик кўрсатаётганини англатади. Аммо вирус бу аломатлардан олдинроқ тарқала бошлайди, шу сабабли “соғлом кўриниш” ҳали “аниқ юқумсиз” дегани эмас.
М. Шамбаев тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.
Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?
Солиқ кодексининг 86-моддаси солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатларини белгилайди.