Ўзбекистон
26.01.2026
92

Бу йўналишда Мамлакатимиз ўз ҳуқуқий базасини фаол равишда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамоҳанг тарзда уйғунлаштириб бормоқда.
Бирлашган миллатлар ташкилоти низомининг 1-моддасига кўра, ташкилот халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва шу мақсадда тинчликка таҳдиднинг олдини олиш ва уни бартараф этиш асосий мақсади сифатида белгиланиши билан бирга, ташкилот аъзо давлатларнинг манфаатларини ифода этишга эмас, давлатларнинг мавжуд бўлиш моҳиятини ташкил қилувчи халқлар яъни инсонларнинг фаровонлигини таъминлашга ҳам ҳуқуқий ҳам амалий жиҳатдан эътибор қаратди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва умуман инсониятга хизмат қилиш Бирлашган миллатлар ташкилоти органларининг асосий вазифаси сифатида кўрилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам очиқ ва адолатли жамиятни барпо этишга қаратилган кўплаб янги нормалар билан тўлдирилди. Хусусан Конституциямизнинг 54-моддасида биринчи маротаба инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги қайд қилинди.
Жамиятда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун давлат томонидан қатор ҳуқуқий нормалар яратилиб, турли субъектларга мажбуриятлар юкланади.
Мажбуриятларнинг энг асосийларидан бири давлатнинг юрисдикциясида бўлган субъектлар томонидан солиқлар ва мажбурий йиғимларни тўлаш ҳисобланади.
Албатта давлат томонидан солиқлар ва мажбурий йиғимларнинг барча субъектларига учун адолатли белгиланиши уларнинг самарадорлигини оширади.
Конституциямизнинг 63-моддасида солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги қайд қилинган.
Шунингдек, Конституциямизнинг 65-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Конституциямизнинг юқоридаги моддаларидаги “солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши”, “барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги” ва “фуқароларга тўсқинлик қилинмаслиги” тушунчалари мантиқийлик ҳамда ҳалқаро шартномаларда белгиланган тенгли ва адолат тушунчаларидан келиб чиқиб, кенгроқ маънода тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик.
“Солиқ ва йиғимлар” сўзининг ўрнига уларнинг умумий бирлаштирувчи «мажбурият» сўзини танлаймиз, “барча мулк шакллари” ва «фуқаролар» сўзлари ўрнига уларни умумлаштирувчи “субъектлар” сўзини танлаймиз.
Шунда мантиқийлик жиҳатдан юқоридаги моддаларни қуйидаги шаклда кенгайтирган ҳолда олишимиз мукин.
Мажбуриятлар адолатли бўлиши ҳамда барча субъектлар учун адолатли тақсимланиши лозим деган хулосага келишимиз мумкин.
Бироқ, бизнинг кузатувларимиз бўйича маълум ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бошқа тоифадаги субъектларга бошқалардан бўлак қўшимча мажбуриятлар юкланиши мавжуд.
Гарчи бу нормалар ижобий мақсадларда қабул қилинган бўлсада, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мажбуриятлар барча учун бир хил тақсимланмай, балки ушбу ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам билан муносабатларга киришган субъектларга бевосита юклаб қўйиш ҳолатлари мавжуд.
Масалан, аёллар ва болаларнинг меҳнат муносабатлари соҳасида айрим имтиёзларининг бажарилишининг юки бевосита улар билан меҳнат муносабатларига киришган иш берувчиларга юкланган.
Бу эса, мажбурият юкланган субъектлар — иш берувчилар томонидан иложи борича турли баҳоналар билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам — аёллар ва болалар билан меҳнат муносабатларига киришмаслик ҳаракатини қилишига сабаб бўлмоқда.
Натижада, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам — аёллар ва болаларни меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалар акс таъсир бериб, уларни меҳнат ҳуқуқларини бузилишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 394-моддасига кўра, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.
Мазкур Кодекснинг 407-моддасига кўра эса, икки ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига) дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда, ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган давомийликда берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ нафар фарзанди бўлган тақдирда, танаффуснинг давомийлиги камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача иш ҳақи бўйича ҳақ тўланади.
Юқоридаги моддалар иш берувчиларга маълум иқтисодий мажбуриятлар яъни харажатлар юклайди.
Бу каби ортиқча ҳаражат талаб қилувчи мажбуриятлар Меҳнат кодексининг 420-моддасида болалар меҳнати муносабатларида ҳам мавжуд. Яъни, Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш, худди иш вақти давомийлиги тўлиқ бўлганда ходимларнинг тегишли тоифалари учун тўланадиган миқдорда амалга оширилади.
Бу мажбуриятлар, давлат ташкилотлар ва корхоналари ва йирик тадбиркорлик субъектлари учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Бироқ, кичик тадбиркорлик субъектлари учун сезиларли мажбурият юклайди ва уларнинг рақабатдошлигига таъсир кўрсатади. Бошқача айтганда улар учун ижтимоий заиф қатлам — аёллар ва болаларни меҳнатдан фойдаланганлиги учун қўшимча ўзига хос солиқ ҳисобланади.
Меҳнат кодексининг юқоридаги нормалар Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро шартномаларда ҳам бевосита акс этмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ оналик ва болаликни ҳимоя қилиш кичик тадбиркорлик субъектларининг эмас, балки давлатнинг мажбурияти.
Шу сабабли, Меҳнат кодексининг аёллар ва болалар меҳнат муносабатлари боғлиқ айрим имтиёзли нормаларини қайта кўриб чиқиб, иш берувчилар ҳамда болалар ва аёллар учун қулайроқ “олтин ўрталиқ”га келтирган ҳолда таҳририй ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинади.
Бунда, Меҳнат кодексининг 394, 407 ва 420-моддаларидаги айрим мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ харажатларни кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилишини давлат томонидан қоплаб берилиши ёки мазкур талабларни кичик тадбиркорлик субъектлари учун истисно қилиниши мақсадга мувофиқ.
Рустам Эшбоев,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.