Ҳуқуқ
16.02.2026
39

2025 йил 20 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил давом эттириш, судлар юкини камайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилади. Мазкур Қонун билан низоларни муқобил ҳал этишнинг самарали шакли сифатида медиация институтининг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланиб, унинг процессуал механизмлари аниқлаштирилди ҳамда бир қатор соҳавий қонун ҳужжатларига тизимли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Медиация муносабатлари, авваламбор, Медиация тўғрисидаги Қонун билан тартибга солиниб, у ихтиёрийлик, тенглик, махфийлик, мустақиллик ва холислик тамойилларига асосланиши белгиланган. Шу билан бирга, янги таҳрирдаги нормалар медиацияни фақат судгача бўлган босқичда эмас, балки суд муҳокамаси жараёнида ҳам қўллаш имкониятини кенгайтириб, уни миллий ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми сифатида шакллантиришга
хизмат қилади.
Медиация ҳуқуқий жиҳатдан тарафларнинг ихтиёрий келишувига асосланган, нейтрал ва мустақил учинчи шахс — медиатор иштирокида амалга ошириладиган низоларни ҳал этиш тартиб-таомили бўлиб, у классик суд иш юритувидан тубдан фарқ қилади. Суд муҳокамасида давлат ҳокимияти номидан қарор қабул қилиниб, тарафлардан бири ғолиб, иккинчиси мағлуб сифатида эътироф этилса, медиация жараёнида медиатор қарор қабул қилмайди, балки тарафларни ўзаро мақбул ечимга эришишга йўналтиради.
Шу нуқтаи назардан, медиация суд адолатининг муқобили эмас, балки уни тўлдирувчи механизм ҳисобланади. Хусусан, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси нормаларига киритилган ўзгартишлар медиацияни процессуал институт сифатида мустаҳкамлаб, медиатив келишувни мажбурий ижро этишнинг аниқ тартибини
белгилаб берди.
Бундай ёндашув ҳуқуқий давлат тамойилларига мувофиқ равишда шахс автономияси, шартнома эркинлиги ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, суд ҳокимиятига тушаётган иш юкини камайтиришга хизмат қилади.
Қонунчиликда киритилган ўзгартиришлар натижасида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, оилавий ҳуқуқ муносабатларида медиация институти такомиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 76-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартибига оид низолар судга мурожаат қилингунига қадар медиация тартиб-таомили орқали ҳал қилиниши мумкинлиги мустаҳкамланди. Бу норма оилавий муносабатларнинг ўта нозик ва ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, суд муҳокамасидан аввал муроса имкониятини таъминлашга қаратилган.
Мазкур ёндашув боланинг энг яхши манфаатлари устуворлиги принципига мувофиқ бўлиб, низонинг зиддиятли тус олишининг олдини олиш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни юмшатиш ва боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсирни камайтириш имконини беради.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш тартиби қонун даражасида белгилаб қуйилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
401-бобига мувофиқ, медиатив келишув ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тартиби жорий этилди. Судья томонидан якка тартибда кўриб чиқиладиган мазкур иш юритув шакли медиация институтининг ҳуқуқий самарадорлигини таъминлашга қаратилган.
Бунда суд қуйидаги ҳолатларда ижро варақасини беришни рад этиши мумкин:
келишув қонунчиликка зид бўлса;
мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлса;
белгиланган муддат ўтказиб юборилган бўлса.
Шу тариқа, медиатив келишув шартнома табиатига эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатдан ижро ҳужжати хусусиятига эга бўлган инструментга айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бу норманинг жорий этилиши медиацияни иқтисодий жиҳатдан ҳам тартибга солишга хизмат қилади.
“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, медиатор фаолиятига нисбатан аниқ ва қатъий талаблар белгиланди. Жумладан, медиатор:
олий маълумотга эга бўлиши;
махсус ўқув курсини тамомлаган бўлиши;
малака имтиҳонини топширган бўлиши;
Медиаторлар реестрига киритилган бўлиши шарт.
Медиатор фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги белгиланиши унинг ижтимоий-ҳуқуқий табиатини кўрсатади. Бу нормалар медиацияни ҳаваскорлик даражасидан профессионал институционал фаолият даражасига олиб чиқишга қаратилган.
Малака оширишнинг ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилиши тўғрисидаги талаб эса медиаторнинг билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаб боришини таъминлайди. Чунки медиация фақат ҳуқуқий билим эмас, балки психология, коммуникация ва конфликтология соҳаларидаги билимларни ҳам талаб этади.
Медиация бошқа низоларни ҳал этиш усулларидан, хусусан суд ва арбитраж тартибидан, ўзининг ҳуқуқий табиати ва амалга ошириш механизми билан тубдан фарқ қилади. Суд муҳокамасида низо давлат ҳокимияти номидан иш юритувчи судья томонидан кўриб чиқилади ва иш натижаси бўйича мажбурий кучга эга бўлган ҳал қилув қарори қабул қилинади. Арбитраж (ҳакамлик) муҳокамасида эса тарафлар томонидан танланган ҳакам ёки ҳакамлар ҳайъати низони ҳуқуқий баҳолаш асосида ҳал этади ва қабул қилинган қарор тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.
Медиация жараёнида эса медиатор низо юзасидан қарор қабул қилмайди ва тарафлардан бирининг фойдасига ёки зарарига ҳуқуқий хулоса чиқармайди. Унинг вазифаси — тарафлар ўртасида конструктив мулоқотни таъминлаш, позицияларини яқинлаштириш ва ўзаро мақбул келишувга эришишга кўмаклашишдан иборат. Шу боис медиация натижаси давлат органи томонидан қабул қилинган мажбурий қарор эмас, балки тарафларнинг эркин иродасига асосланган медиатив келишув ҳисобланади.
Шунингдек, суд муҳокамалари қонунчиликка мувофиқ одатда очиқ тарзда ўтказилади, арбитраж муҳокамаларида махфийлик чекланган тартибда таъминланади, медиация жараёни эса тўлиқ махфийлик тамойилига асосланади. Медиация доирасида маълум бўлган ахборот тарафларнинг розилигисиз ошкор этилиши мумкин эмас, бу эса тарафларнинг ишончини мустаҳкамлайди.
Муҳим жиҳат шундаки, суд ва арбитраж тартибида низо ҳал этилганда, одатда, “ғолиб” ва “мағлуб” тараф шаклланади, бу эса тарафлар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Медиацияда эса низо ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда ҳал этилиши сабабли, тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик ёки шахсий муносабатларни сақлаб қолиш имконияти юқори бўлади.
Шу маънода, медиация суд адолатининг муқобили ёки унинг ўрнини босувчи институт эмас. Аксинча, у суд ҳимоясининг қўшимча, тўлдирувчи шакли сифатида намоён бўлиб, шахсларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ихтиёрий келишув асосида, кам харажат ва қисқа муддатда ҳимоя қилиш имкониятини яратади.
Мана шу ўринда ҳалқаро ҳуқуқда медиация институтини ўрганадиган бўлсак, Германия тажрибасида ушбу ҳуқуқ анча ривожланганлигини ва ўз самарасини бериб келаётганлигини кўришимиз мумкин.
Германия Федератив Республикасида медиация 2012 йилда қабул қилинган Mediationsgesetz асосида тартибга солинади. Ушбу қонунга мувофиқ, судьялар тарафларга медиация имкониятини тушунтириши ҳамда ишни суд медиаторига йўналтириши мумкин.
Германияда медиация суд тизимига интеграциялашган бўлиб, фуқаролик ва оилавий низоларнинг сезиларли қисми судгача ҳал этилади. Медиаторлар махсус сертификат дастурлари орқали тайёрланади ва уларнинг фаолияти қатъий этик стандартлар билан тартибга солинади.
Таҳлилларга кўра, Германияда фуқаролик низоларининг 20–25% медиация орқали ҳал этилади.
Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳам:
судьялар томонидан медиацияни тавсия этиш амалиётини кенгайтириш;
университетларда медиация бўйича ихтисослашган курсларни
жорий этиш;
медиаторлар учун ягона касбий стандартларни такомиллаштириш;
медиация институтининг самарадорлигини янада оширишга
хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2025 йилги қонунчилик ўзгартишлари медиация институтини ҳуқуқий, процессуал ва институционал жиҳатдан янги босқичга олиб чиққанлигини таъкидлаш жоиз. Медиация эндиликда фақат муроса механизми эмас, балки ижро механизми билан таъминланган, профессионал кадрлар орқали амалга ошириладиган ва суд-ҳуқуқ тизими билан уйғунлашган мустақил ҳуқуқий институт сифатида шаклланмоқда.
Медиация институтини самарали ривожлантириш ва уни аҳоли ўртасида кенг оммалаштириш фақат қонунчиликни такомиллаштириш билан чекланмасдан, комплекс ташкилий, маърифий ва институционал
чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Медиация маданиятини жамият ҳаётига чуқур сингдириш ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишнинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралиши лозим.
Аввало, оммавий ахборот воситалари орқали медиациянинг мазмун-моҳиятини тизимли равишда ёритиш зарур. Бунда медиацияни фақат ҳуқуқий институт сифатида эмас, балки низоларни тинч ва конструктив йўл билан ҳал этиш маданияти сифатида тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ. Телевидение, радио, босма ва электрон нашрлар, шунингдек, рақамли платформалар орқали тушунтирув дастурлари, таҳлилий кўрсатувлар, муваффақиятли медиатив амалиёт мисоллари кенг жамоатчиликка етказилиши лозим. Айниқса, ижтимоий тармоқларда қисқа, аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри тайёрланган ахборот материаллари аҳолида медиацияга нисбатан ишончни мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, республика миқёсида “Медиация ҳафталиги” каби ташаббусларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бундай тадбирлар доирасида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари, амалий семинарлар, ҳуқуқий маслаҳат кунлари ташкил этилиши мумкин. Ушбу тадбирлар нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаши лозим. Бу орқали медиация институтининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Таълим тизимида низоларни тинч йўл билан ҳал этиш кўникмаларини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Мактаб ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига коммуникация маданияти, муроса қилиш усуллари, низоларни конструктив ҳал этиш асослари каби модулларни босқичма-босқич жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бу ёш авлодда ҳуқуқий онг ва ижтимоий масъулиятни шакллантиришга хизмат қилади. Олий таълим муассасаларида эса медиация ва альтернатив низо ҳал этиш бўйича махсус курслар, клиник машғулотлар ва амалий тренинглар ташкил этиш орқали профессионал кадрлар захирасини яратиш мумкин.
Маҳалла институти доирасида маслаҳатчи-медиаторлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам медиацияни оммалаштиришнинг самарали йўналишларидан бири ҳисобланади. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида ҳуқуқий маслаҳат бериш ва низоларни судгача ҳал этиш бўйича тайёргарликдан ўтган мутахассисларни жалб қилиш орқали маҳаллий даражадаги маиший ва оилавий низоларни эрта босқичда бартараф этиш имконияти яратилади. Бунда уларнинг фаолияти қонунчилик талаблари асосида ва медиаторлик стандартларига мувофиқ ташкил этилиши шарт.
Давлат хизматчилари, айниқса раҳбар ходимлар учун амалий тренинглар ташкил этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундай ўқув дастурлари орқали бошқарув жараёнида юзага келадиган хизмат низоларини конструктив ҳал этиш, мулоқот маданиятини ривожлантириш ва профилактик ёндашувни шакллантириш мумкин. Бу давлат органларида ички корпоратив маданиятни яхшилашга ва фуқаролар билан муносабатларда муроса тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, медиацияни рақамли платформалар билан интеграция қилиш, онлайн-медиация хизматларини ривожлантириш, медиаторлар ягона ахборот реестри ва статистик таҳлил тизимини такомиллаштириш каби институционал чора-тадбирлар ҳам амалий аҳамиятга эга. Бу орқали медиациянинг шаффофлиги, ҳисобдорлиги ва оммабоплиги таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, медиацияни оммалаштириш фақат ахборот кампанияси эмас, балки ҳуқуқий, таълимий, ташкилий ва институционал чораларни ўз ичига олган комплекс сиёсатни талаб этади. Медиация маданияти жамиятнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг ажралмас қисмига айланган тақдирдагина, у суд-ҳуқуқ тизимини тўлдирувчи самарали механизм сифатида барқарор фаолият юритиши мумкин.
Б.Исламов,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
Улашиш:
Бошқалар
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.
Медиатор бўлиш учун қандай талабларга мос бўлиш керак?
Медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.