Ҳуқуқ
21.04.2026
68

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сон қарори маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини янги босқичга олиб чиқишда асосий дастурий ҳужжат сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу қарор ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам профилактика ишлари “умумий тадбир” эмас, балки аниқ сабаб–аниқ манзил–аниқ натижа тамойили асосида ташкил этилмоқда.
Республика идоралараро штаби томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганиш ва муҳокамаларда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида (кибержиноятларни ҳисобга олмаган ҳолда) вилоятда 416 та жиноят, кибержиноятлар эса 502 та экани кўрсатилган. Шу жиноятларнинг 153 таси (37%) “олдини олиш мумкин бўлган” жиноятлар тоифасига тўғри келади.
Шунингдек, маҳаллалар кесимида “олдини олиш мумкин бўлган” жиноятлардан 70 та ҳолат қайд этилгани, улар таркибида 3 та қотиллик, 1 та номусга тегиш ва оилавий зўравонлик, 4 та безорилик, 12 та баданга шикаст етказиш ҳамда 51 та ўғирлик жиноятлари мавжудлиги таъкидланган. Бу рақамлар профилактикада асосий урғу ўғирлик (мулкка қарши жиноятлар), оиланий низо–зўравонлик ва жамоат тартиби йўналишларига берилиши лозимлигини кўрсатади.
Республика ишчи гуруҳи тақсимотига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) Сирдарё вилоятида 3 йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган маҳаллаларда илмий-амалий ўрганиш ишларини ташкил этмоқда. Ушбу ёндашувнинг марказида қуйидаги принцип туради: “жиноят содир бўлгач реакция қилиш” эмас, балки жиноятга олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаб, манзилли бартараф этиш”.
ТДЮУ томонидан ўрганилган 10 та “қизил” маҳаллада умумий қамров 37 450 нафар аҳоли ва 11 083 оилани ташкил этади. Таҳлилда ижтимоий хавфни кучайтираётган омиллар ҳам аниқ кўрсатиб берилган: мазкур маҳаллаларда расмий ишсизлар 582+ нафар, “нотинч” (низоли) оилалар 44+ та, шунингдек, барвақт профилактикада муҳим аҳамиятга эга видеокузатув тизимида 31 та ишламай турган камера мавжудлиги қайд этилган.
Алоҳида эътибор: янги таҳдид сифатида кибержиноятчилик тез ўсмоқда. ТДЮУ ишчи гуруҳи таҳлилларига кўра, айрим ҳудудларда 2023–2025 йилларда кибержиноятлар сезиларли концентрацияланган: хусусан, икки маҳаллада 3 йилда 17 тадан (жами 34 та) кибержиноят содир этилгани аниқланган.
Шу билан бирга, вилоят даражасида хавфли зоналарни аниқлаш ҳам амалий аҳамиятга эга: таҳлилларда Сирдарё туманида 80 та (13,0%), Мирзаобод туманида 76 та (12,3%), Ховос туманида 67 та (10,9%) жиноят қайд этилгани келтирилиб, профилактика ресурсларини айнан юқори хавфли ҳудудларга манзилли йўналтириш зарурлиги кўрсатилган.
Илмий-амалий ўрганишлар натижасида Сирдарё вилоятида барвақт профилактиканинг учта устувор йўналиши шаклланди:
1) Оила-турмуш муносабатлари, аёллар ва ёшлар.
Низолар, ажрим ёқасидаги ҳолатлар, “нотинч оилалар” билан ишлаш фақат тарғибот билан чекланмаслиги керак. Бу ерда “case-management” (индивидуал иш режаси), медиатив ёндашув, психологик хизмат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш пакетлари муҳим. ТДЮУ ҳужжатларида ҳам ҳар ҳафталик учрашувларда айнан оила-турмуш, ёшлар, аёллар ва вояга етмаганлар жиноятчилигига алоҳида эътибор қаратилётгани қайд этилган.
2) Транспорт ва транзит ҳудудлар хавфсизлиги.
Кўп жиноятлар катта йўллар ва овлоқ жойларга туташ ҳудудларда содир бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, транспорт хавфсизлиги профилактикасини маҳалла даражасидан бошлаш зарурати илгари сурилди. Шу мақсадда ТДЮУ ишчи гуруҳи Сирдарё вилояти учун йўл-транспорт ҳодисаларини барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикаси (илмий-амалий услубий қўлланма)ни ишлаб чиқди. Унда “Risk Map”, hotspot-intervention, ақлли камера/сенсорлар, пиёда хавфсизлиги зоналари каби амалиётга татбиқ этиладиган ечимлар таклиф қилинган.
3) Кибержиноятчиликка қарши профилактика.
Аҳолининг банк карта маълумотларини қўлга киритиш, интернет орқали фирибгарлик, фишинг каби усуллар кенгаймоқда. ТДЮУ ишчи гуруҳи мазкур йўналишда ҳам маҳаллалар учун амалий тавсиялар пакетини шакллантириб, профилактик ишни “рақамли маданият” даражасига кўтариш зарурлигини кўрсатган.
2026 йил 27 март куни Гулистон шаҳрида Республика идоралараро штаби томонидан сайёр йиғилишида инфратузилма йўналишидаги муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди: вилоятда ўтган йил ўрнатилган 5 764 та кузатув камерасининг бор-йўғи 852 таси (15%) “Хавфсиз шаҳар” марказига интеграция қилингани, шунингдек айрим камералар бўйича техник параметрлар, жойлашув ва электр тармоғига уланиш билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги кўрсатилди. Бу ҳолат профилактикада “камера бор” деган ҳисоботдан кўра, камеранинг ишлаши ва тизимга улангани (реал мониторинг) ҳал қилувчи эканини яна бир бор тасдиқлади.
Йиғилиш доирасида ТДЮУ ишчи гуруҳи иштирокида Сирдарё вилоятидаги барча “маҳалла еттилиги” аъзолари учун илмий-амалий семинар-тренинг ташкил этилиб, унда ПҚ–1-сон қарорининг мазмун-моҳияти, маҳаллаларда оилавий низоларни медиация тартиб-таомилларини қўллаган ҳолда баратараф этиш, хотин-қизлар масалалари, ёшларни банд қилиш мавзуларида машғулотлар ўтказилди ва ТДЮУ томонидан яратилган “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловаси тақдимот қилинди шунингдек, ўрганишлар натижасида вилоят учун долзарб йўналишлардан бўлган кибержиноятчилик ҳамда транспорт хавфсизлиги (йўл-транспорт ҳодисаларини барвақт олдини олиш) бўйича ТДЮУ ишчи гуруҳи томонидан алоҳида методик қўлланмалар тақдимот қилинди.
Шу тарзда, ПҚ–1 ижроси доирасида Сирдарё вилоятидаги профилактика ишлари “кампаниявий” усулдан далилга асосланган манзилли бошқарув моделига ўтаётганини кўриш мумкин.
Шерзод Жураев,
ТДЮУ “Маъмурий ва молия ҳуқуқ”
шуъбаси доценти
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби тўғрисида 10 та муҳим саволга жавоб
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими манзиллилик тамойилига асосланади.