Ҳуқуқ
18.02.2026
50

Болаларга нисбатан зўравонлик содир этилган пайтда энг муҳим масала жабрланган боланинг ҳаёти, руҳий ҳолати ва келажагини ҳимоя қилиш, уни зўравонлик юз берган муҳитдан чиқариш ҳамда хавфсиз ижтимоий муҳитга қайта мослаштиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 февралдаги 48-сон қарори билан “Зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ҳамда уларнинг оилаларига ижтимоий хизматларни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди ва зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик хавфи остида бўлган болалар билан ишлашда янги ёндашув жорий этилди.
Ушбу Низом кимларга татбиқ этилади?
Мазкур Низом зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларга, шунингдек, уларнинг оилаларига нисбатан қўлланилади. Бундан аниқланадики, давлат ижтимоий ёрдами фақатгина болаларга эмас, балки унинг оиласига ҳам кўрсатилади. Низомда ушбу тоифадаги болаларга ижтимоий ҳимояга муҳтож болалардеб таъриф берилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига қандай ижтимоий хизматлар кўрсатилади?
Низомга мувофиқ 2 та турдаги ижтимоий хизматлар назарда тутилган. Кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг биринчи кўриниши ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун кўрсатилади ва ўз навбатида 6 ойгача бўлган муддатга қисқа муддатли ижтимоий хизматлар, 1 йилгача бўлган муддатга узоқ муддатли ижтимоий хизматлар ва 1 йилгача бўлган муддатга тун-у кун кўрсатиладиган ижтимоий хизматларга ажратилади. Кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг иккинчи кўриниши ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари учун “Меҳрли оила” хизмати ҳисобланади. Шу билан бир қаторда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига психологик-педагогик, психоижтимоий, ҳуқуқий ва оилавий терапия хизматлари ҳам кўрсатилади.
Низом доирасида ижтимоий хизматлар қайси ташкилотлар томонидан кўрсатилади?
“Зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ҳамда уларнинг оилаларига ижтимоий хизматларни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига асосан, қайси ижтимоий хизмат тури қандай ташкилотлар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий хизматларни кўрсатиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ва унинг минтақавий бўлинмалари томонидан амалга оширилади. “Меҳрли оила” ижтимоий хизматларини кўрсатиш “Инсон” марказлари томонидан амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий хизматлар ва тун-у кун кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилади.
Ижтимоий хизматларни кўрсатувчи ташкилотларга қандай талаблар қўйилган?
Ижтимоий хизмат кўрсатиш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс Ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг ягона реестрида рўйхатдан ўтиши ва бунинг учун тегишли сўровномани тўлдириши лозим. Сўровномада кўрсатилиши назарда тутилган маълумотлар рўйхати Низомнинг 8-бандида белгиланган ва улар қуйидагича:
- юридик шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), манзили, банк ҳисобварағи, банк реквизитлари ва телефон рақами;
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун ЖШШИР ва биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта серияси ҳамда рақами;
- ижтимоий хизматларни кўрсатиш ҳудуди;
- ижтимоий хизматларни кўрсатишга мўлжалланган бино ва иншоотнинг мулк ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқ асосида унга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатнинг реквизитлари.
Сўровнома юборилгач, талабгор камида 2 нафар психоижтимоий хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг мавжудлиги ва уларнинг камида 1 йиллик иш стажига эга бўлиши ҳамда соғлиги тўғрисидаги тиббий маълумотноманинг бўлиши ва бино ва иншоотларда санитария ҳолати таъминланганлиги жиҳатидан ўрганиб чиқилади.
Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартиби қандай ва тўловлар қандай қопланади?
Ижтимоий хизматлар ваучер тизими орқали амалга оширилади. Низомнинг 17-банди қоидаларидан келиб чиқиб, боланинг ота-онаси ёки қонуний вакиллари ахборот тизими орқали ижтимоий хизмат кўрсатувчини мустақил танлайди ва шундан сўнг ваучер шакллантирилади. Ижтимоий хизмат кўрсатувчини танлаш белгиланган муддатда амалга оширилиши керак, акс ҳолда хизмат кўрсатиш бекор қилиниши мумкин. Бундан кўзланган мақсад эса ота-оналарнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган. Шакллантирилган ваучер асосида кўрсатилган хизмат учун харажатлар ваучернинг фойдаланилган қисми учун субсидия ажратиш шаклида қопланади. Субсидия миқдорини белгилашда кўрсатилган хизмат соати, боланинг ёши ва хизнат кўрсатиш ҳудуди ҳисобга олинади.
Мазкур Низом зўравонликдан жабрланган болалар ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилишда илк бор тизимли, рақамлаштирилган ва молиявий кафолатланган ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмларини жорий этди. Низомнинг амалда самарали ижро этилиши болалар манфаатларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Адхамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Медиатор бўлиш учун қандай талабларга мос бўлиш керак?
Медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.