#NoComment
13.03.2026
53

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида давлат мажбурлови чегараларини аниқ белгилаш алоҳида аҳамият касб этади. Давлатнинг жазолаш ваколати инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан мувозанатда амал қилиши шарт. Ана шу мувозанатни таъминловчи асосий ҳуқуқий мезон мутаносиблик принципидир.
Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 20-моддасида асосан давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак эканлиги белгиланган. Бу норма давлат ҳуқуқий таъсир чораларининг чегарасини конституциявий даражада белгилайди.
Мутаносиблик принципининг мазмуни
Мутаносиблик — бу ҳуқуқбузарлик ва унга нисбатан қўлланиладиган чора ўртасида адолатли нисбат мавжуд бўлишини англатади. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари:
— қонуний мақсадга қаратилган бўлиши;
— ушбу мақсадга эришиш учун зарур бўлиши;
— шахс ҳуқуқларига ортиқча чеклов қўймаслиги;
— келтирилган зарар ва айб даражасига мос бўлиши лозим.
Шу маънода мутаносиблик нафақат жазонинг оғирлиги масаласи, балки давлат аралашувининг ҳажми ва шаклини ҳам қамраб олади.
Хорижий тажриба: ҳуқуқий мезон сифатида
Германияда мутаносиблик принципи конституциявий адолатнинг асосий элементи сифатида шаклланган. Германия Федерал Конституциявий суди давлат аралашувини «мослик – зарурлик – мутаносиблик» босқичлари асосида баҳолайди. Агар чора ортиқча деб топилса, у конституцияга зид деб эълон қилинади.
Финляндияда маъмурий жарималар даромадга боғланган «кунлик ставка» (day fine) тизими орқали ҳисобланади. Бу тизимнинг мақсади жазонинг таъсир кучини барча фуқаролар учун тенглаштиришдир. Натижада бир хил ҳуқуқбузарлик учун турли даромадли шахсларга турлича миқдорда жарима тайинланиб, жазо таъсири мутаносиб сақланади.
АҚШ Конституциясининг саккизинчи тузатиши «ҳаддан ташқари жарима ва шафқатсиз жазо»ни тақиқлайди. АҚШ Олий суди амалиётида компенсация ва жарималар етказилган зарарга нисбатан ортиқча бўлса, улар конституциявий чекловга учрайди. Мазкур ёндашув давлатнинг жазо қўллаш ваколатлари мутлақ эмаслигини, улар конституциявий чекловлар доирасида амалга оширилишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, маъмурий жазо чораларини қўллашда адолат ва мутаносиблик принципларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг қонунбузарликлар юзасидан жавобгарликка тортилишида асосий эътибор ҳуқуқбузарликнинг оғирлик даражаси, унинг ижтимоий хавфлилиги ва келтирилган зарарнинг ўлчами каби омилларга қаратилиб, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда инсонпарварлик ва профилактикага йўналтирилган ёндашув устувор бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 8 майдаги ПФ–67-сон Фармонига асосан конунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштириш бўйича қатор қонунлар қабул қилинди.
Хусусан, 2024 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида“ги ЎРҚ–919-сон, 2024 йил 29 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида“ги ЎРҚ–927-сон, 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида“ги ЎРҚ–997-сон ҳамда 2025 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–1075-сон Қонунлар шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштиришга изчил ва тизимли ёндашув шаклланаётганини кўрсатмоқда. Конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва жазо чораларини инсонпарварлик ҳамда профилактика тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш давлат ҳуқуқий таъсир чораларининг адолатли ва ўлчовли қўлланилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу жараён нафақат шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтиради, балки ҳуқуқни қўллаш амалиётида барқарорлик, ишонч ва қонунийликни мустаҳкамлашга замин яратади.
Феруз Омонтошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш
ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш
институти етакчи маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Қонунчиликда интизомий жазолар ҳақида нима дейилган?
Интизомий жазо – ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси.
Меҳнат муносабатларида ходимлар вакиллари қандай ҳуқуқларга эга бўлади?
Меҳнат муносабатлари тизимида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.