Ҳуқуқ
27.08.2026
63

Мактабда ўқувчининг кийиниши, ташқи кўриниши, уяли телефондан фойдаланиши ва қоидабузарлик содир этилганда унга нисбатан қандай чора кўрилиши — мактаб маъмуриятининг хоҳишига эмас, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади.
Умумий ўрта таълим муассасаларида бу масалаларни тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири — Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом.
Мактаб формасига оид талаблар эса Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори билан тартибга солинади.
Қуйида ушбу ҳужжатларда белгиланган асосий талаблар содда ва тизимли шаклда баён этилади.
1. Мактаб формаси: нималар талаб қилинади?
Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун белгиланган мактаб формасини кийиш мажбурий саналади.
Форманинг ранги, мато таркиби ва бичими ўқувчиларнинг ёшига қараб 1–6-синфлар ҳамда 7–11-синфлар учун алоҳида белгиланган.
Формага қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
▪️ кийим ўта тор ёки ўта кенг бўлмаслиги;
▪️қиз болалар юбкасининг узунлиги тиззадан 5–15 сантиметр пастда бўлиши;
▪️ўғил болалар шимининг узунлиги оёқ тўпиғини ёпиб туриши;
▪️оёқ кийим пошнаси 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;
▪️кўйлакнинг энг юқоридаги битта тугмасидан ташқари барча тугмалари қадалган бўлиши;
▪️кийим тоза ва дазмолланган ҳолда бўлиши.
Шу билан бирга, форманинг барча элементларини бир хил тарзда кийиш мажбурий эмас. Об-ҳаво шароитига қараб нимча ёки костюмдан фойдаланиш мумкин. Кўйлак енгининг узун ёки калталиги бўйича ҳам танлаш имконияти мавжуд.
Қишки ўқиш даврида қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилган.
Муҳим истисно
Ҳукуматнинг мазкур 666-сон қарор талаблари давлат умумий ўрта таълим муассасаларига татбиқ этилади.
Ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, олимпия захиралари мактаблари ҳамда уларнинг интернатлари ушбу талаблар доирасига кирмайди.
Шунингдек, нодавлат мактаблардаги форма талаби мазкур қарор билан белгиланмайди.
2. Ўқувчининг ташқи кўринишига қандай талаблар бор?
Мактаб биноси ичида бош кийимсиз юриш талаб этилади. Бу талаб мактаб ҳовлиси ёки кўчага нисбатан татбиқ этилмайди. Шунингдек, мактабда ўтказиладиган тадбирларда ҳам тегишли истиснолар мавжуд.
Мактаб формасига диний ёки субмаданий мансубликни ифодаловчи элементларни қўшишга йўл қўйилмайди. Жумладан, ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва шу каби элементлар форма таркибига киритилмайди.
Қарорда бундай талабнинг асоси сифатида Ўзбекистонда турли миллат ва конфессия вакиллари яшаши ҳамда умумий мажбурий таълимнинг дунёвий хусусиятга эга экани кўрсатилган.
Ўғил болалар учун талаблар
Ўғил болаларга қуйидаги тартиб белгиланган:
▪️танасининг очиқ жойларида татуировка ёки пирсинг билан;
▪️ соқол қўйган ҳолда;
▪️ 2–3 сантиметрдан узун соч билан;
▪️ сочини ёрқин рангларга бўяган ҳолда мактабга келиши мумкин эмас.
Қиз болалар учун талаблар
Қиз болаларга нисбатан қуйидаги талаблар белгиланган:
▪️ татуировка ва пирсингга йўл қўйилмайди;
▪️ сочни ёрқин рангга бўяш мумкин эмас;
▪️ юзни кўзга ташланадиган даражада бўяш мумкин эмас;
▪️ҳар бир қулоққа биттадан ортиқ сирға тақиш мумкин эмас;
▪️ бармоққа узук тақишга йўл қўйилмайди;
▪️ тирноқни бўяш ва узун қилиб ўстиришга йўл қўйилмайди.
3. Мактабда уяли телефондан фойдаланиш мумкинми?
Умуман тақиқланган эмас, лекин ундан фойдаланиш қатъий тартибга солинган.
Мактабга кирган ҳар қандай шахс — ўқувчи, ўқитувчи, бошқа ходим ёки ташриф буюрувчи — телефонни овозсиз режимга ўтказиши керак.
Дарс ёки тадбир бошланишидан олдин эса ўқувчи телефонни ўчириб, сумкасига солиб қўйиши лозим.
Бу талаб фақат дарс жараёнига эмас, балки сафланиш, тарбиявий соат, байрам ва спорт тадбирларига ҳам тааллуқли.
Дарс вақтида нималар тақиқланган?
Дарс вақтида телефондан:
қўнғироқ қилиш, SMS ва MMS хабарлар юбориш, телефонни парта устига қўйиш,қулоқчин орқали мусиқа тинглаш, ўйин ўйнаш, фото ва видеоларни кўриш, суратга ёки видео тасвирга олиш, интернет, Bluetooth ва GPRS хизматларидан фойдаланиш, диктофон, калькулятор, календарь ёки блокнот сифатида фойдаланиш тақиқланади.
Доимий амал қиладиган чекловлар
Айрим тақиқлар дарс ёки танаффус вақтидан қатъи назар амал қилади.
Жумладан, телефонни:
▪️ бўйинга осиб юриш;
▪️ кўкрак ёки шим чўнтагида сақлаш;
▪️ мактаб электр тармоғидан зарядлаш мумкин эмас.
Шунингдек, зўравонлик ёки порнографияни тарғиб қилувчи материалларни намойиш этиш, мактаб нуфузига зарар етказувчи, жумладан зўравонлик ва вандализм ҳолатларини тасвирга олиб, кейинчалик тарқатишга ҳам йўл қўйилмайди.
4. Танаффусда телефондан фойдаланиш мумкинми?
Бу масалада кенг тарқалган тушунча — «танаффусда телефондан хоҳлаганча фойдаланиш мумкин» — нотўғри.
Низомнинг 9-бандига кўра, танаффус вақтида телефондан фойдаланишга фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатда, алоқа қилиш мақсадида рухсат берилади.
Бунда алоқа:
▪️ ота-она;
▪️ уларнинг ўрнини босувчи шахс;
▪️ яқин қариндош;
▪️ мактаб ходими
билан амалга оширилиши мумкин.
Сўзлашиш учун ўқувчи синфдан йўлак ёки фойега чиқиши, паст овозда ва қисқа гаплашиши керак.
Шунинг учун танаффус вақтида:
ўйин ўйнаш, ижтимоий тармоқларга кириш, видео кўриш ёки бегона шахслар билан ёзишиш мазкур рухсат доирасига кирмайди.
Фавқулодда вазиятларда эса телефондан фойдаланишга чеклов қўйилмайди.
Бу қоидалар фақат ўқувчиларга тегишлими?
Йўқ.
Телефондан фойдаланиш тартиби ўқитувчилар ва бошқа ходимларга ҳам тааллуқли. Улар ҳам дарс вақтида телефондан фойдалана олмайди, дарсдан ташқари вақтда эса ўқувчилар олдида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклаши керак.
5. Қоида бузилса, ўқувчига қандай чора кўрилади?
Энг муҳим масалалардан бири — қоидабузарлик содир этилганда мактаб маъмурияти қандай чора кўриши мумкинлиги.
Телефондан фойдаланиш тартиби бузилганда Низомда таъсир чоралари белгиланган.
Улар қаторига:
▪️ огоҳлантириш;
▪️ ҳолатни кундалик дафтарига қайд этиш;
▪️ ота-онани хабардор қилиш;
▪️ тушунтириш суҳбати учун ота-онани мактабга чақириш киради.
Айрим ҳолатларда педагог телефонни вақтинча олиб қўйиши ҳам мумкин.
Бироқ бу ҳолатда телефон шунчаки олиб қўйилмайди. Қоидабузарлик юзасидан билдиришнома расмийлаштирилиши, телефон эса директор ёки унинг ўринбосарига топширилиши лозим.
Кейин телефон ўқувчининг ўзига эмас, унинг ота-онасига қайтарилади.
Қоидабузарлик ҳолати директор раҳбарлигидаги комиссияда, синф раҳбари ва ота-оналар иштирокида муҳокама қилиниши мумкин.
6. Мактаб формаси қоидаси бузилса, қандай чора кўрилади?
Формага қўйилган талабларга риоя этилмаган ҳолатларда ҳам ҳужжатларда таъсир чоралари назарда тутилган.
Жумладан:
▪️ огоҳлантириш;
▪️ кундалик дафтарига қайд киритиш;
▪️ ота-онани хабардор қилиш;
▪️ ҳолатни маҳалла ва мактаб йиғилишларида ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.
Мактаб ўқувчини дарсга киритмаслиги мумкинми?
Бу ерда муҳим ҳуқуқий масала бор.
Қоидабузарлик учун қўлланиши мумкин бўлган таъсир чоралари норматив ҳужжатда белгиланган бўлса, мактаб маъмурияти улардан ташқари бошқа чорани ўз хоҳишига кўра белгилай олмайди.
Шу нуқтаи назардан, форма ёки телефон билан боғлиқ қоидабузарлик учун:
▪️ ўқувчини дарсга киритмаслик;
▪️ синфдан чиқариб юбориш;
▪️ баҳосини пасайтириш;
▪️ мактабдан четлаштириш
каби чораларни мазкур икки ҳужжатнинг ўзига асосланиб қўллаш мумкин эмас.
Бундай чора қўлланиши учун унинг алоҳида норматив-ҳуқуқий асоси бўлиши керак.
Шунинг учун «мактаб ички қоидасида бор» деган важнинг ўзи ҳар қандай чорани қонуний қилиб қўймайди.
7. Ота-онанинг мажбурияти нимадан иборат?
Ўқувчининг мактабга белгиланган формада келиши учун ота-она масъул.
Шунингдек, ўқувчининг уяли телефони сақланиши учун ҳам ота-она жавобгар ҳисобланади.
Бироқ телефон белгиланган тартибда педагог томонидан олиб қўйилган пайтдан бошлаб унинг сақланиши учун масъулият мактаб зиммасига ўтади.
8. Мактаб маъмуриятининг ўзига қандай мажбуриятлар юклатилган?
Мактабнинг вазифаси фақат ўқувчидан қоидаларга риоя қилишни талаб қилиш билан чекланмайди.
Мактаб:
▪️ 1–6 ва 7–11-синфлар учун белгиланган форма намуналарини;
▪️ мато таркибига оид маълумотларни
барчага кўринадиган жойга жойлаштириши керак.
Шунингдек, ҳар йили 1 майга қадар мактаб формасини қаердан ва қандай харид қилиш мумкинлиги ҳақида эълон берилиши лозим.
Ота-оналар билан форма талаблари бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиши керак.
Телефондан фойдаланиш қоидалари эса ҳар йили ҳар бир ўқувчи ва унинг ота-онасига имзо қўйдирилган ҳолда етказилиши шарт.
Мактабдаги интизом — фақат «мактаб раҳбарияти шундай деди» деган тамойил асосида эмас, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган аниқ қоидалар асосида таъминланиши керак.
Ўқувчи форма кийиши, ташқи кўринишга қўйилган талабларга риоя қилиши ва телефондан белгиланган тартибда фойдаланиши шарт.
Бироқ, шу билан бирга, мактаб маъмурияти ҳам ўқувчига нисбатан фақат қонунчиликда назарда тутилган талаб ва таъсир чораларини қўллаши мумкин.
Шунинг учун ота-она ҳам, ўқувчи ҳам, мактаб маъмурияти ҳам бир хил қоидани билиши муҳим: ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг чегараси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади, маъмуриятнинг шахсий хоҳиши билан эмас.
Турғунали Тошболтаев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази маъсул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.
Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиби қандай?
Шунинг учун уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиби оддий транспорт воситаларидан фарқ қилади.