currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларНогиронлиги бўлган шахсларга реабилитация марказларига йўлланма бериш тартиби қандай?

Ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация марказларига йўлланма бериш тартиби қандай?

Ҳуқуқ

calendar

19.11.2026

eye

12

Ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация марказларига йўлланма бериш тартиби қандай?

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, уларнинг соғлиғини тиклаш ва жамиятга тўлақонли интеграциялашувига кўмаклашиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан Ногиронлиги бўлган шахсларни навбат асосида реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига йўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 13 ноябрда 3974-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, 2026 йил 14 ноябрдан кучга кирди. Низом ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини олиш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказларига ротация асосида юбориш тартибини белгилайди. Шу билан бирга, низом шартнома асосида кўрсатиладиган пулли реабилитация хизматларига татбиқ этилмайди.

Реабилитация марказларига йўллаш қандай амалга оширилади?

Низомга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация марказларига йўллаш «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг «Реабилитация модули» орқали электрон шаклда, навбат асосида амалга оширилади.

Навбат марказлардаги бўш ўринлар ҳисобга олинган ҳолда ахборот тизими томонидан автоматик тарзда шакллантирилади. Бу эса йўлланма беришда инсон омилини камайтириш ва жараённинг очиқ-ошкоралигини таъминлашга хизмат қилади.

Йўлланма олиш учун қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Йўлланма олиш учун ногиронлиги бўлган шахснинг ўзи ёки унинг қонуний вакили қуйидаги йўллардан бири орқали мурожаат қилиши мумкин:

— Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;

— «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали;

— ижтимоий ходимлар орқали;

— бевосита оилавий шифокорга мурожаат қилиш орқали.

Ариза ахборот тизимига киритилгач, ариза берувчи уни бармоқ изи, электрон рақамли имзо, Mobile ID ёки Face ID каби идентификация усулларидан бири орқали тасдиқлайди.

Ариза берувчи реабилитация хизматини ҳудудий ёки миллий марказда олишни, шунингдек, хизмат амбулатор ёки стационар шароитда кўрсатилишини мустақил равишда танлайди.

Аризани кўриб чиқиш учун қандай муддатлар белгиланган?

Низомда мурожаатни кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланган:

— сўровнома электрон реестрда рўйхатга олинганидан кейин кўпи билан 1 иш куни ичида ариза берувчининг оилавий шифокори шахсий кабинетига юборилади;

— оилавий шифокор сўровномани олганидан кейин 1 иш куни ичида тиббий кўрик санаси, вақти ва жойини белгилаб, бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади;

— тиббий кўрик ариза берувчи хабардор қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ўтказилади.

Оилавий шифокор нималарни аниқлайди?

Оилавий шифокор тиббий кўрик натижасида шахсда реабилитация учун белгиланган 569 та тиббий кўрсатмадан бирортаси мавжудлигини ҳамда 26 та қарши тиббий кўрсатма мавжуд эмаслигини аниқлайди.

Агар тиббий кўрсатма мавжуд бўлиб, қарши кўрсатма аниқланмаса, оилавий шифокор йўлланмани электрон шаклда расмийлаштиради. Шундан сўнг ахборот тизими реабилитация марказларига юборилган шахсларнинг навбат рўйхатини шакллантиради.

Реабилитация хизматларидан йилига неча марта фойдаланиш мумкин?

Ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация марказларига ногиронлик белгиланган муддатга қараб, календарь йил давомида қуйидаги даврийликда йўлланади:

— амбулатор шароитда — ногиронлик муайян муддатга белгиланган бўлса, йилига 3 марта, муддатсиз белгиланган бўлса, йилига 2 марта;

— стационар шароитда — ногиронлик муайян муддатга белгиланган бўлса, ҳар ярим йилда 1 марта, муддатсиз белгиланган бўлса, йилига 1 марта.

Реабилитация хизматлари қанча муддат давом этади?

Ҳар бир йўлланма бўйича реабилитация хизматлари қуйидаги муддатларда кўрсатилади:

— амбулатор шароитда — бир ойгача; бунда шахс марказда тунаб қолмайди;

— стационар шароитда — 12 кунгача; бунда шахс марказда кеча-кундуз бўлади.

Хизматларнинг аниқ ҳажми ва давомийлиги шахснинг тиббий, ижтимоий ва жисмоний эҳтиёжлари, асосий касаллиги ҳамда тиббий кўрсатмаларидан келиб чиқиб белгиланади.

Йўлланма олиш ва реабилитация хизматлари пуллими?

Низомга кўра, сўровномани кўриб чиқиш, йўлланмани расмийлаштириш ҳамда реабилитация хизматларини кўрсатиш бепул амалга оширилади.

Навбат ҳолатини қандай билиш мумкин?

Ариза берувчи ўз навбатининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин. Бунинг учун «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари, ижтимоий ходимлар, оилавий шифокор ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, навбат келишидан 10 кун олдин ариза берувчига СМС-хабарнома орқали эслатма юборилади.

Масалан, ногиронлиги муайян муддатга белгиланган шахс бир календарь йил давомида амбулатор реабилитация хизматидан 3 марта, стационар реабилитация хизматидан эса ҳар ярим йилда бир марта фойдаланиши мумкин. Бунинг учун у «Инсон» марказига ёки оилавий шифокорига мурожаат қилиши кифоя, навбати яқинлашганда эса унга СМС-хабарнома юборилади.

Хулоса қилиб айтганда, янги низом ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига йўллашни электрон, навбат асосида ва очиқ-ошкора ташкил этишга қаратилган. Мурожаат қилишнинг бир неча йўли, қатъий муддатлар, хизматларнинг бепуллиги ҳамда навбатни онлайн кузатиш имконияти фуқароларга реабилитация хизматларидан қулай ва ўз вақтида фойдаланиш имконини беради. Шу сабабли ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари ушбу ҳуқуқдан фаол фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.

Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос

Улашиш: