Ҳуқуқ
16.11.2026
107

Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги ва дахлсизлиги иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Давлат органлари ва мансабдор шахслар тадбиркорларнинг қонуний фаолиятига асоссиз аралашиши, уларга ортиқча талаблар қўйиши ёки фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин эмас.
Тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳам исталган вақтда ва исталган асос билан амалга оширилмайди. Бунинг учун қонунда белгиланган асослар, тартиб ва талабларга риоя қилиниши шарт. Тадбиркор эса текширув жараёнида ўз ҳуқуқларини билиши ва улар бузилганда қонуний ҳимоя чораларидан фойдаланиши муҳим.
Қуйида тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, текширув ўтказиш тартиби ва тадбиркорнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид асосий қоидалар баён этилади.
Давлат органлари тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан қонунчиликда белгиланган доирада назоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Президентнинг 2026 йил 17 апрелдаги ПФ-63-сон Фармонида ҳам тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ва давлат хизматчилари билан тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларни шаффофлаштириш вазифалари белгиланган.
Жумладан, давлат хизматчисининг тадбиркорлик субъекти фаолият юритадиган бинога назорат ёки профилактика тадбирини ўтказиш мақсадисиз ташриф буюриши ёхуд тадбиркорни бошқа жойга чақириши назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот сифатида баҳоланади.
Бундай мулоқот давлат хизматчисининг хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ва қонунчилик талабларига асосланган бўлса, асосли ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавфларни келтириб чиқарадиган, хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган мулоқот эса асоссиз деб баҳоланади.
ПФ-63-сон Фармонга мувофиқ, давлат хизматчилари тадбиркорлар билан бўлган бундай мулоқотлар ҳақидаги маълумотларни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритиши шарт. Тадбиркор ҳам мулоқот ҳақидаги маълумотларни ва ўз муносабатини уч кун ичида тизимга киритиши мумкин. Бу ихтиёрий ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда асосий талаблардан бири — текширувнинг қонуний асосга эга бўлиши ва белгиланган тартибда расмийлаштирилишидир.
Президентнинг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиниши шарт. Ушбу тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.
2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон Фармон билан эса тадбиркорлар фаолиятини текшириш, назорат қилувчи органларни хабардор қилиш, текширув иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда текширув натижаларини расмийлаштириш тартиби янада аниқлаштирилган.
Текширувлар, қоида тариқасида, хавфни таҳлил қилиш электрон тизими натижалари асосида ташкил этилади. Назорат қилувчи орган текширув ўтказиш ҳақидаги хабарномани тадбиркорнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали ёки белгиланган ҳолларда почта орқали юборади.
Шу билан бирга, айрим текширувлар учун алоҳида тартиб белгиланган. Масалан, ПФ-184-сон Фармоннинг 2-иловасида назарда тутилган текширувлар бошланганидан кейин 24 соат ичида ахборот тизимига киритилиши мумкин.
Энг муҳими, текширувнинг қонунийлиги унинг ахборот тизимида рўйхатга олинганлиги, тегишли асос ва ҳужжатлар мавжудлиги билан белгиланади.
Тадбиркор текширув бошланишидан олдин назорат қилувчи орган ходимидан унинг шахсини ва текширув ўтказиш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилишга ҳақли.
Текширувчи, аввало, ўз хизмат гувоҳномасини ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатиши керак. Шунингдек, текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (қарор ёки фармойиш) ва текширув дастурининг нусхаларини тақдим этиши шарт.
Ушбу ҳужжатларда текширув учун асос, уни ўтказадиган мансабдор шахслар, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи ва манзили, текширув мақсади, муддати ҳамда текширув қамраб оладиган фаолият даври кўрсатилган бўлиши лозим. Шунингдек, текширувнинг ахборот тизимида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи махсус код ҳам бўлиши керак.
Тадбиркор махсус код орқали ахборот тизимида текширув ҳақидаги маълумотларни олиши мумкин. Бунда текширувнинг ҳақиқатан ҳам белгиланган орган ва мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётганини текшириш муҳим.
Тадбиркор текширув жараёнида фақат назорат қилувчи органнинг талабларини бажарувчи шахс эмас. Унинг ҳам қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари мавжуд.
Жумладан, тадбиркор текширувда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиши, текширув мақсади ва предмети билан танишиши, текширувга тааллуқли бўлмаган талабларни бажармаслиги мумкин.
Агар давлат органи ходими тадбиркордан текширув предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатлар ёки маълумотларни талаб қилса, тадбиркор бундай талабни бажармаслик ҳуқуқига эга.
Шунингдек, аввалги текширувларда назорат қилувчи органга тақдим этилган ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини қайтадан тақдим этмаслик ҳуқуқи ҳам мавжуд.
Тадбиркор текширув жараёнида Савдо-саноат палатаси вакилларини, адвокат, солиқ маслаҳатчиси ёки таржимонни жалб қилиши мумкин. Зарур ҳолларда экспертиза жараёнида иштирок этиши, экспертга тушунтиришлар бериши ва унинг хулосаси билан танишиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, тадбиркор текширув материаллари билан танишиш, текширув далолатномасини олиш, мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва текширув натижалари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Бу ҳуқуқлар тадбиркорнинг текширув жараёнида ўз манфаатларини ҳимоя қилиши, асоссиз талабларга эътироз билдириши ва қонунбузилишларнинг олдини олиши учун муҳим кафолат ҳисобланади.
Қонунчиликда тадбиркорнинг текширувга йўл қўймаслик ҳуқуқи ҳам белгиланган. Лекин бу ҳуқуқни ҳар қандай вазиятда текширувни рад этиш имконияти сифатида тушунмаслик керак.
Жумладан, текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки унинг нусхаси тадбиркорга берилмаган бўлса, ваколатли орган текширув ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинмаган бўлса, текширувчининг махсус гувоҳномаси мавжуд бўлмаса, тадбиркор уни текширувга қўймасликка ҳақли.
Шунингдек, текширувчи Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган ҳолларда ҳам тадбиркор текширувга йўл қўймаслиги мумкин.
Бунда текширув бошлангандан кейин 24 соат ичида хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар учун алоҳида истисно мавжуд.
Муҳим жиҳати шундаки, текширувчи ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган ёки текширув буйруғида кўрсатилмаган бошқа шахсларни жалб қилган ҳолларда ҳам тадбиркор текширувга йўл қўймаслик ҳуқуқига эга. Бундай вазиятда у ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ва прокуратура органларига хабар бериши мумкин.
Бироқ текширувга қонуний асослар мавжуд бўлса, тадбиркор назорат қилувчи орган ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт.
Текширув фақат белгиланган мақсад ва дастур доирасида ўтказилиши керак. Назорат қилувчи орган ходимлари ўз ваколатлари ёки текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқишга ҳақли эмас.
Масалан, текширув солиқ ҳисоботларининг тўғри юритилишини ўрганишга қаратилган бўлса, текширувчи ушбу предметга алоқаси бўлмаган бошқа масалаларни асоссиз равишда текширувга киритмаслиги керак.
Текширув тадбиркорлик субъектининг иш вақти давомида ўтказилади ва қонунчиликда белгиланган муддатдан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, текширув билан бевосита текширув предметига алоқадор фаолият даври қамраб олинади. Умумий қоидага кўра, текширув вақтидан олдинги уч календарь йилдан ортиқ бўлмаган давр текширилиши мумкин.
Назорат қилувчи орган илгари текширган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказиши мумкин эмас. Давлат ёнғин назорати органларининг назорат текширувлари бундан мустасно.
Шу боис тадбиркор текширувчининг қайси даврни, қандай масалалар бўйича ва қайси ҳужжатлар асосида текшираётганига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Текширув якунлангач, унинг натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади. Тадбиркор далолатномада кўрсатилган ҳолатларга қўшилмаса, ўз эътирозларини ёзма равишда баён этиши мумкин.
Шунинг учун далолатномани имзолашдан олдин уни диққат билан ўқиб чиқиш, унда қайд этилган ҳолатларни текшириш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларга эътироз билдириш муҳим.
Агар тадбиркор далолатномани имзолашдан ёки уни олишдан бош тортса, бу текширувни бекор қилмайди. Назорат қилувчи орган ходими бундай ҳолатни далолатномада қайд этади ва текширув тугалланган ҳисобланади. Далолатноманинг бир нусхаси белгиланган тартибда тадбиркорга юборилади.
Текширув натижалари ва аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлар уч иш куни ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилиши лозим.
Агар текширувда қонунбузилишлар аниқланган бўлса, тадбиркор уларни бартараф этиш бўйича берилган кўрсатмалар билан танишиши, уларнинг қонунийлигига шубҳа бўлса, белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
Агар тадбиркор текширув ўтказиш тартиби бузилган, мансабдор шахс ўз ваколатидан четга чиққан ёки унинг фаолиятига асоссиз аралашилган деб ҳисобласа, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли органларга мурожаат қилиши мумкин.
Бундай ҳолатларда қуйидаги ташкилотларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ:
Бизнес-омбудсман — тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли орган. Текширув жараёнидаги қонунбузилишлар, мансабдор шахсларнинг асоссиз талаблари ва тадбиркорлик фаолиятига аралашувлар юзасидан мурожаат қилиш мумкин.
Прокуратура органлари — мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари, ваколатни суиистеъмол қилиш ёки тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқади.
Савдо-саноат палатаси — тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, текширув жараёнларида вакил сифатида иштирок этиш ҳамда ҳуқуқий кўмак кўрсатишда ёрдам бериши мумкин.
Бундан ташқари, тадбиркор назорат қилувчи органнинг юқори турувчи ташкилотига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда судга ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шикоятга текширув буйруғи, далолатнома, мансабдор шахснинг талаблари, ёзишмалар, фото ва видеоёзувлар каби мавжуд далилларни илова қилиш мурожаатни асослашга ёрдам беради.
2026 йил 17 апрелдаги ПФ-63-сон Фармон билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамли назорат механизмлари янада такомиллаштирилди.
Хусусан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ва унинг мобил иловасининг имкониятлари кенгайтирилди. У орқали тадбиркорлар ҳудудидаги масъул давлат хизматчилари ҳақида маълумот олиши, уларга мурожаат қилиши, ўтказилган текширувлар ва мулоқотлар юзасидан давлат хизматчиларининг ҳаракатларига баҳо бериши мумкин.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида маълумот олиш имконияти яратилган.
Фармонда тадбиркорлик субъектларини, биринчи навбатда, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчиларни «Бизнес ҳимоя» QR-коди билан таъминлаш ҳам назарда тутилган. Ушбу QR-код орқали текширувлар, профилактика тадбирлари ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар ҳақидаги маълумотларни тизимда ҳисобга олиш механизми жорий этилган.
Бу янгиликлар тадбиркорга ким келгани, унинг қандай ваколатга эгалиги ва текширувнинг қонуний асослари мавжудлигини аниқлашда қўшимча имконият яратади.
Тадбиркорлик фаолиятини текшириш давлат органларининг қонуний ваколати ҳисобланади. Бироқ бу ваколатдан фойдаланишда белгиланган тартибга қатъий риоя қилиниши шарт.
Тадбиркор текширувчи келганда унинг хизмат ва махсус гувоҳномасини кўриши, текширув буйруғи ва дастурини талаб қилиши, текширувнинг «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинганлигини текшириши лозим. Текширув жараёнида эса ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши, асоссиз талабларга рози бўлмаслиги ва қонунбузилиш ҳолатларини ҳужжатлаштириб бориши керак.
Энг муҳими, тадбиркор ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, қонуний текширувларга тўсқинлик қилмаслиги, давлат органларининг қонуний талабларини бажариши ва фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.
Зеро, тадбиркорлик эркинлиги фақат бизнесни юритиш имконияти эмас, балки давлат органларининг асоссиз аралашувидан ҳимояланиш ҳуқуқи ҳамдир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
25 та сув омбори туризм масканларига айланиши мумкин
Ҳозирда 56 та сув омборининг бор-йўғи 4 тасида қутқарув хизмати мавжуд.